Asosiy menu

19.06.2018 - Аҳолини суғуртавий ҳимоялаш – долзарб вазифа >>> | 13.06.2018 - “Кафолат суғурта компанияси” АЖ Бошқарувида кутубхона ташкил этилди >>> | 07.06.2018 - “Кафолат суғурта компанияси” АЖда сифат менеджменти Сертификатига мувофиқлик текшируви ўтказилмоқда >>>

“КАФОЛАТ суғурта компанияси” АЖ сел натижасида зарар кўрган фуқароларга суғурта қопламаларини амалга оширмоқда

2017 йилда дунёда табиий офатлардан кўрилган зарар 306 млрд.  долларни ташкил қилган экан. Бу ҳақда Швейцариянинг Swiss Re суғурта компанияси маълум қилган. Компаниянинг ҳисоб-китобига кўра, табиий офатлардан кўрилган зиён 63 фоизга – 188 млрд. доллардан 306 млрд. долларгача ошган.

Swiss Reнинг фикрича, табиий офатлардан энг кўп Америка қитъаси зарар кўрган. Бу қитъада Кариб ва АҚШ жанубига ёпирилган «Ҳарви», «Ирма» ва «Мария» довуллари, Мексикада зилзилалар, Калифорнияда ўрмон ёнғинлари қайд қилинган.

Офатлар қурбонлари 11 мингдан кўпроқни ташкил қилган. «Ҳарви», «Ирма» ва «Мария» довулларидан кўрилган зиёнлар учун тўланадиган суғурта тўловлари 93 млрд. долларга баҳоланган.

Ха, биз инсонлар турли нохуш ходисалардан ҳимояланган эмасмиз, хеч биримиз – офатлар бизни четлаб ўтади, бизга келмайди – деб, айта олмаймиз.

Табиий офатлар йилдан йилга инсонларнинг тинчлигини бузиб, ўзларига ҳамда мулкига жиддий зарар етказмоқда. Жорий йил май ойининг охири юртимизда шиддатли ёмғирлар мавсуми билан ёдда қоладиган бўлди. Ҳа, бу йилги баҳорнинг инжиқлигини юртдошларимиз ҳали узоқ йиллар ёдда сақлаб юришлари тайин. Сабаби, 2018 йилнинг баҳори Ўзбекистонда чинакамига селлар мавсумига айланиб кетди.

Юртимизнинг Самарқанд, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Фарғона водийсида сел келиши кузатилган. Вилоятларимизда кузатилган селлар оқибатида қишлоқ хўжалигида жиддий зарар кўрилди.

«КАФОЛАТ суғурта компанияси» АЖ  ходимлари сел оқибатларини ўрганиш, юртдошларимизга  ёрдам бериш мақсадида жойларга чиқишди. Мамлакатимизнинг айниқса тоғли  ҳудудларида жойлашган қишлоқлари зарар кўрган.

Жорий йилнинг 15 май куни соат чамаси 22-00 ларда Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Уйшун қишлоғига уша куни ёғиб ўтган кучли ёмғир натижасида сел келган. Мазкур қишлоқда 1214 та хўжалик мавжуд бўлиб, сел натижасида тахминан 130 таси талофат кўрган. Жабрланган суғурта қилдирувчилардан Компанияга 2018 йил 22 май куни 25 та мурожаат келиб тушди. Келиб тушган мурожаатлар зудлик билан кўриб чиқилиб, суғурта қопламалари тўлови амалга оширилди. Жумладан, 2018 йил 24 май куни 11 та суғурта қилдирувчига кўрилган зарарлари бўйича 12,44 млн. сўм ва 25 май куни кўрилган зарарларини қоплаш учун 9 та суғурта қилдирувчига 13,20 млн. сўм, жами 25,64 млн. сўм суғурта қопламаси тўлаб берилиб, ўз мол-мулкини суғурта қилдирган фуқароларнинг мулкий манфаатлари ҳимоя қилинди. Ҳозирги кунда сел тошқини бўйича яна бошқа мурожаатлар  ўрганиб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, сел келиши натижасида жабр кўрган хамюртларимизга компания томонидан моддий ёрдам кўрсатилди.   

Маълумот  учун: «КАФОЛАТ суғурта компанияси» АЖ Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда Вазиятлар Вазирлиги билан ҳамкорликда сейсмик жиҳатдан хавфли, сел ва тошқин хавфи бўлган минтақаларда жойлашган фуқароларнинг иншоотлари, турар-жойлари, шахсий мулкини, ишлаб чиқариш ва ижтимоий мақсадларда барпо этилган объектларни суғурталаш ҳамда суғуртанинг афзалликлари тўғрисида аҳоли, корхона ва ташкилотлар ўртасида 13 211 та амалий тадбирлар, семинарлар ҳамда тушунтириш ишлари ўтказди. 

Манба: Ахборот  хизмати  

Биз билан боғланиш -->