Asosiy menu

16.10.2017 - Фидоийлик! Ташаббускорлик! Самарадорлик! Натижадорлик! >>> | 10.10.2017 - Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 9 октябрда "KAFOLAT sug`urta kompaniyasi" AJ фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади >>> | 06.10.2017 - "KAFOLAT sug`urta kompaniyasi" AJ вакиллари "Олтин соябон" жамоатчилик мукофоти ғолиби деб топилди >>>

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Ўзбекистон суғурта бозорини ривожлантириш истиқболлари (рақобат, талаб, таклиф, инновация) – “KAFOLAT sug’urta kompaniyasi” AJ мисолида” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди

2017 йил 20 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун «Ўзбекистон суғурта бозорини ривожлантириш истиқболлари (рақобат, талаб, таклиф, инновация) – «KAFOLAT sug’urta kompaniyasi» AJ мисолидамавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда «KAFOLAT sug'urta kompaniyasi» AJ раҳбарлари ва масъул ходимлари  қатнашдилар.

Матбуот анжуманини компания Бошқаруви раиси С.Насретдинов қисқача кириш сўзи билан очиб берди ва олиб борди. 

Тадбирда даставвал суғурта, унинг турлари ҳамда Ўзбекистон суғурта бозори ҳақида маълумот бериб ўтилди.

Анжуманда асосий эътибор суғурта фаолиятини амалга оширишда дунё тажрибаси, хорижий мамлакатларда суғурта бозори кўрсаткичлари, ушбу кўрсаткичларнинг Ўзбекистон суғурта бозори билан қиёсий таҳлили ва Ўзбекистон суғурта бозорини ривожлантиришда «KAFOLAT sug'urta kompaniyasi» AJ нинг ўрни ва режалари ҳақида сўз юритилди.

Бу борада  компаниянинг суғурта бўйича директори А.Шаробиддинов сўзга чиқиб, ушбу масалада амалга оширилаётган  ишлар тўғрисида ахборот берди. 

Бугунги кунда мамлакатимиз суғурта бозорининг кескин суръатлар билан ривожланиб боришига гувоҳ бўлмоқдамиз. Буни ҳукуматимиз томонидан суғурта соҳасини ривожлантиришга қаратилган алоҳида эътибор туфайли дейиш мумкин. Суғурта фаолиятини янада такомиллаштириш дастури доирасида ҳукумат миқёсида соҳага оид бир нечта қонун ва қатор меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, суғурта бозори иштирокчиларига ўз фаолиятларини янада ривожлантириш учун кенг шароитлар яратиб берилди. Ўз навбатида, суғурта ташкилотлари томонидан бундай эътиборга жавобан республика ижтимоий-иқтисодий ҳаётини барқарорлаштиришда ва халқимиз яшаш фаровонлигини янада оширишда ўзларининг муносиб улушини қўшиб, суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари ва уларнинг бирлашмалари, давлат бошқарув органлари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан бирга қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, суғуртага бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва мижозларга қулайликлар яратиш мақсадида, жаҳон суғурта бозорининг босиб ўтган йўли ва Ўзбекистон суғурта бозорида тўпланган тажрибага асосланиб доимий тарзда қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштириб борилмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон суғурта бозорида мукаммал рақобат муҳити шаклланган. Яратилган қонунчилик базаси суғурта турларини кенг тарғиб қилишда барча имкониятларни яратиб берган. Компания томонидан суғурта хизматлари кўрсатиш бозори таҳлили, мижозларнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, соҳани янада ривожлантириш бўйича инновацион ишланмалар амалиётга жорий этилмоқда, жумладан:

-        мажбурий суғурта турлари билан қопланмаган рисклар ихтиёрий суғурта турлари бўйича янги ишланмалар (суғурта хизматлари) доирасида тўлдирилмоқда;

-       энг ҳаридоргир суғурта турлари, жумладан автотранспорт воситаларини комплекс суғурта қилишда мижоз талабларини қондириш ва суғурталаш имкониятини кенгайтириш мақсадида объектни алоҳида қисмлар бўйича суғурталаш амалга киритилди;

-      аҳоли ва унинг соғлиғига зарар етказиш мумкин бўлган асосий ҳолатлар (рисклар) бирлаштирилиб, 30 дан ортиқ рисклар комбинацияси (1 ва 2 класслар) битта суғурта турига жамланди;

-   суғурта бозорида рискларни диверсификациялаш, қайта суғурталашнинг альтернатив вариантларини жорий этиш, мижозлар олдида тўлов қобилиятини янада мустаҳкамлаш мақсадида Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 мартдаги 119-сонли «Деҳқон хўжаликлари ва аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, сувга чидамли, экспортбоп дарахт плантацияларини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори асосида берилаётган кредитлар суғуртаси турлари бўйича  «СУҒУРТА ПУЛИ» ташкил этилди;

-        суғурта хизматларини кўрсатишнинг автоматлаштирилган тизимини такомиллаштириш орқали 20 га яқин суғурта турлари онлайн сотув имкониятига эга бўлди, мижозлар доимий ахборот билан смс тарзида хабардор этиб борилмоқда.

«KAFOLAT sug'urta kompaniyasi» AJ суғурта бозорининг профессионал иштирокчиси сифатида мазкур ислоҳотлар ижросида ўзининг фаоллигини кўрсатиб келмоқда. Компания суғурта хизматларини кўрсатиш бўйича республикадаги етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. Компания филиаллар тармоғи бўйича жуда кенг географик нуқтага эга бўлишига қарамай  аҳоли ва ташкилотларга янада яқинлашиш, уларга қулай суғурта хизматларини кўрсатиш мақсадида жорий йилда яна 7 та янги агентлик тармоғини ишга туширди. Бугунги кунда компания бўлинмаларининг сони 198 тага етказилди. 

Ҳозирда компания томонидан аҳоли ҳамда юридик шахсларга ҳар томонлама қулай, пасайтирувчи коэффициентларни ўз ичига олган ва ҳар томоннинг манфаатларига тўлиқ мос келувчи суғурта хизматлари таклиф этилмоқда. Чет эл тажрибаси ва Ўзбекистон суғурта бозорида шаклланган тажрибалардан фойдаланиб ҳамда аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг эҳтиёжларидан ва бозор талабидан келиб чиққан ҳолда янги замонавий суғурта турлари ишлаб чиқилмоқда. Шу билан бирга, мавжуд суғурта турлари доимий равишда  такомиллаштириб борилмоқда.

Сўнгги йилларда республикамиз хукумати томонидан аҳолига хизмат кўрсатишда ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирги кунда аҳолига интерактив хизмат кўрсатиш компаниянинг www.kafolat.uz расмий веб-сайти орқали амалга оширилмоқда. Республикамизнинг барча ҳудудларида пластик карточкалар орқали савдо муносабатлари амалиётга киритилди. Бугунги кунда компаниянинг барча филиаллари, бўлимлари, шу жумладан суғурта марказлари ҳам терминаллар билан таъминланган.

Қатор йиллар мобайнида тўпланган бой тажриба, компанияни ривожлантириш тадбирларининг босқичма-босқич амалга оширилиши ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Компания барча асосий иқтисодий кўрсаткичларда ўсишга эришмоқда. Жумладан, 2017 йил 6 ой якунлари бўйича  компания 359,8 мингдан ортиқ  суғурта  шартномаларини имзолаб, 40,9 млрд. сўм суғурта мукофотларини жамлади. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ушбу кўрсаткич 109,7 фоизга ўсди. Суғурта мукофотлари умумий ҳажмида компания  республикадаги 30 га яқин суғурталовчилар ўртасида биринчи учликдан жой олди.

Компания томонидан кўрсатилаётган суғурта хизматлари бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятлари ҳажми салкам  22,2 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 114,5 фоизни ташкил этди.

Алоҳида қайд этиш жоизки, компания мажбурий суғурта турлари бўйича хизмат кўрсатишда суғурта бозорида пешқадамлардан ҳисобланади. Ҳусусан, 2017 йил  I-ярим йиллик  якунига кўра транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича 11,3  млрд. сўм  суғурта  мукофотларини  жамлашга  эришди ва ушбу йўналишда фаолият юритаётган суғурталовчилар ўртасида 2-ўринни эгаллади. 

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш бўйича ҳам кенг кўламли ва салмоқли ишлар амалга оширилиши натижасида ҳисобот даврида компания томонидан 7,9  млрд. сўм суғурта мукофотлари жамланди ва ушбу йўналишда фаолият юритаётган суғурталовчилар ўртасида компаниямиз 1-ўринни эгаллади. 

Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш бўйича компания томонидан 1,5 млрд. сўм суғурта мукофотлари жамланди ва ушбу йўналишда фаолият юритаётган суғурталовчилар ўртасида ҳам компаниямиз 1-ўринни эгаллади. 

 Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида суғурта тўловларининг хажми деярли 14,0  млрд. сўмни ташкил этди. Жами  5500 га яқин  ариза бўйича суғурта тўловлари амалга оширилган бўлиб, бу ўрта ҳисобда кунига 30-32 та суғурта тўловлари амалга оширилганлигидан далолат бермоқда. Тўловларнинг асосий қисми иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш ҳамда ихтиёрий суғурта турларига тўғри келмоқда.

 Компанияда «Диспетчерлик хизмати» мунтазам равишда фаолият олиб бормоқда. Ушбу хизмат операторлари куну-тун компания мижозлари ҳамда бошқа шахслардан келиб тушаётган суғурта шартномасини тузиш, суғурта хизматлари, суғурта қопламаларини амалга ошириш тартиби ва бошқа саволлар бўйича қўнғироқларга жавоб бермоқда.

Куни кеча «SAIPRO»  ахборот-рейтинг агентлиги 2016 йил якунларига кўра «KAFOLAT sug`urta kompaniyasi» AJ нинг «uzA++»  (энг юқори молиявий кўрсаткич) рейтингини тасдиқлади. «uzA++»  (энг юқори молиявий кўрсаткич) рейтингини олиш компания учун янги маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб этиш, халқаро молия институтлари билан истиқболли ҳамкорлик алоқалари кўламини янада кенгайтиришга имкон яратади.

Компаниямизнинг бош мақсади - мижозлар олдидаги мажбуриятларни тўлиқ ва сифатли бажариш ва бу орқали ижтимоий йўналтирилган Ўзбекистон иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшишдан иборат.                                        

                        

Манба: Ахборот  хизмати

Биз билан боғланиш -->