Asosiy menu

17.09.2018 - «KAFOLAT sug’urta kompaniyasi» АJ вилоятларда мажбурий суғурта турлари бўйича семинар ўтказмоқда >>> | 15.09.2018 - “Кафолат суғурта компанияси” АЖ да ёшлар билан учрашув ташкил этилди >>> | 14.09.2018 - “Кафолат суғурта компанияси” АЖ да кутубхона ташкил этилди >>>

“KAFOLAT sug`urta kompaniyasi” AJ журналистлар учун матбуот анжумани ўтказди

 2018 йил 29 август куни Миллий матбуот марказида «KAFOLAT sug`urta kompaniyasi» AJ томонидан Компанияда суғурта даъволарини кўриб чиқиш ва соҳани оптималлаштириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда «KAFOLAT sug`urta kompaniyasi» AJ раҳбарлари ва масъул ходимлари қатнашдилар.

Матбуот анжуманини компания Бошқаруви раиси Саидолим Насретдинов қисқача кириш сўзи билан очиб берди ва олиб борди.

Шундан сўнг анжуманнинг асосий мавзуси бўйича компания суғурта даъволарини кўриб чиқиш департаменти бош менежери Наргиза Мамажанова компанияда амалга оширилаётган фаолият, халқаро стандартлар асосида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун кўрсатилаётган суғурта хизматлари, компанияда суғурта даъволарини кўриб чиқиш ҳамда соҳани оптималлаштириш масалалари, мижозларнинг талаб ва таклифлари доирасида фаолиятни янада такомиллаштириш борасидаги ишлар тўғрисида ОАВ вакилларига ахборот берди.

2017 йил 9 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3317-сонли «Кафолат суғурта компанияси» АЖ фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжат билан компанияда амалга ошириладиган муҳим вазифа ва йўналишлар белгиланган бўлиб, хозирги кунда ушбу Қарор ижросини таъминлаш мақсадида компания ходимлари томонидан аҳоли, тадбиркорлар, корхона ва ташкилотлар, таълим ва тиббиёт муассасалари ўртасида суғуртанинг мажбурий ва ихтиёрий хизматларини тарғиб этиш бўйича учрашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Қарор ижроси доирасида Савдо-саноат палатаси, Фавқулодда Вазиятлар Вазирлиги, Ёнғин ҳавфсизлиги хизмати ва қатор ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Битимлар имзоланди.

2018 йилнинг 6 ойида компания 453,6 мингта суғурта шартномаларини имзолаб, 58,1 млрд. сўм суғурта мукофотларини жамлади, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 144,6 фоизга ёки 17,9 млрд. сўмга ошди.

Алоҳида қайд этиш жоизки, компания мажбурий суғурта турлари бўйича хизмат кўрсатишда суғурта бозорида пешқадамлардан ҳисобланади. Компания бўйича мажбурий суғурта турларидан 24,0 млрд. сўм суғурта мукофотлари йиғилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 115,7 % га ўсди.

Аҳоли ва ташкилотларга кенг кўламли суғурта хизматларини тақдим этиш, суғурта хизматлари сифатини янада ошириш ҳамда суғурта ходисалари юз берганда Республиканинг исталган жойида ушбу хизматларни тақдим этиш учун сўнгги йилларда ходимлар сонини оптималлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу масала асосан Республикамизнинг чекка ҳудудларида компаниянинг янги бўлинмалар тармоғини кенгайтириш орқали хал этилмоқда, Компания йилдан йилга янги бўлинмалар ва суғурта марказларини очмоқда. Дастлаб ташкил этилган вақтда  компаниянинг жойларда 48 та минтақавий тармоғи мавжуд эди, 2018 йил 6 ойнинг ўзидаёқ 15 та янги бўлинмалар ташкил этилиб, бугунги кунда жами бўлинмалар сони 215 тага етказилди.

Ушбу олиб борилган ишлар натижасида кичик хизмат кўрсатувчи ходимлар улуши анча камайиб, бевосита ишлаб чиқариш билан банд бўлган, яъни мижозларга тўғридан тўғри суғурта хизматларини кўрсатувчи мутахассислар улуши ошиб бормоқда. Жумладан, 2016 йилда бевосита ишлаб чиқариш билан банд бўлган мутахассислар улуши 81,2%ни ташкил этган бўлса, айни вақтда ушбу кўрсаткич 85,0%ни ташкил этмоқда.

Ҳозирда компания томонидан аҳоли ҳамда юридик шахсларга ҳар томонлама қулай, пасайтирувчи коэффициентларни ўз ичига олган ва ҳар томоннинг манфаатларига тўлиқ мос келувчи 100 дан ортиқ мажбурий ва ихтиёрий суғурта турлари бўйича хизматлар таклиф этилмоқда.

2018 йилнинг I ярим йиллигида 5 та янги суғурта маҳсулотлари ишлаб чиқилди. Мавжуд суғурта турлари такомиллиштирилди.

Чет элга ишлашга чиқаётган фуқароларни (мигрантларни) суғурта қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги ПҚ-3584-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида компания томонидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳузурида ташкил этилган темир йўл ва авиачипталар сотишга ихтисослаштирилган 14 та махсус кассаларда суғурта хизматларини кўрсатиш жойлари ташкил этилди, жорий йилнинг 6 ойи даврида 2 415 фуқарога суғурта полислари тақдим этилди.

Ушбу суғурта полислари бўйича суғурталанган шахсларга тезкор ва замонавий хизмат кўрсатиш мақсадида, 17 йил мобайнида суғурта ва тиббий ассистанс хизматлари кўрсатиб келаётган, халқаро рейтинга эга, Россия, Козоғистон, Болтиқ бўйи ва Европа мамлакатлари ҳудудларида туну-кун ассистанс хизматлари кўрсата оладиган, Латвиянинг «Интер ассист» компанияси билан ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Компанияда туну-кун ишловчи, мурожаатларни қабул қилувчи call центр мавжуд бўлиб, мижозларга тўловларни амалга оширишда оперативлик таъминланмоқда. Ушбу диспетчерлик хизмати операторлари томонидан ойига мижозларимиз ва фуқароларимиздан 900-1000 тага яқин қўнғироқлар қабул қилинмоқда.

Юқорида келтирилган 3317-сонли «Кафолат суғурта компанияси» АЖ фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари» тўғрисидаги Қарорга мувофиқ компания қошида суғурта ҳодисалари юзага келганда мижозлар томонидан суғурта қопламаларини олиш амалиётини соддалаштириш учун тиббиёт суғуртаси, техник ва юридик ассистанс бўйича хизматлар кўрсатадиган ассистанс ташкилотни ташкил этиш белгиланган бўлиб 2018 йил 1 ярим йилликда Компания томонидан «My assist» масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди.

 Миллий суғурта бозоридаги кучли рақобат шароитида мижозларга сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш, «KAFOLAT sug`urta kompaniyasi» AJнинг устувор вазифаларидан ҳисобланади.

2018 йил I ярим йилликда юзага келган суғурта ҳодисалари бўйича 4 129 та даъво аризалари келиб тушди, амалга оширилган суғурта тўловлари ҳажми 16,9 млрд. сўмни ташкил этди, бу  2017 йил 1 июль ҳолатидаги кўрсаткичга нисбатан 23,1% га ёки 3,2 млрд. сўмга кўп дегани. Ушбу кўрсатгич бўйича Компаниямиз миллий суғурта бозорида умумий суғурталаш тармоғида фаолият олиб бораётган компаниялар ўртасида 21,1 фоиз улушга эга бўлган холда 2-чи ўринни эгаллади. Компания томонидан ўрта ҳисобда кунига 31-32 та суғурта тўловлари амалга оширилди ҳамда кунига ўрта ҳисобда 128,0 млн. сўм суғурта қопламалари тўланди.

Компания томонидан амалга оширилаётган суғурта қопламаларининг асосий қисми мажбурий суғурта турлари, яъни Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш ва Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича келиб тушган суғурта даъволарига тўғри келмоқда.

Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича 2018 йилнинг 1-ярим йиллигида 1362та суғурта даъволари кўриб чиқилиб улар бўйича 3,8 млрд. сўмдан ортиқ суғурта қопламалари тўланган бўлиб, бу 2017 йилнинг шу кўрсатгичига нисбатан 142 фоизга кўп дегани.

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича ҳисобот даврида, яъни 2018 йилнинг 1-ярим йиллигида 8,7 млрд. сўмга яқин суғурта қопламалари амалга оширилган ва бу ўтган йилнинг 1-ярим йиллигида амалга оширилган суғурта қопламаларига нисбатан 118 фоизга кўп демакдир.

«Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ 2015 йил 27 ноябрдан ташувчиларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш мажбурияти кучга кирган бўлиб, бугунги кунда Компания томонидан икки холат бўйича содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларида йўловчиларнинг соғлиғига етказилган зарар учун 31,0 млн. сўмдан ортиқ суғурта қопламаси амалга оширилди.

Шу билан бирга, Компанияда охирги пайтларда шахсий суғурта турлари бўйича суғурта қопламалари ошиши кузатилмоқда ва улар бўйича 2018 йилнинг 1-ярим йиллигида 1,2 млрд. сўмдан ортиқ суғурта қопламалари амалга оширилиб, ушбу кўрсатгич 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 140%га ошди. Жумладан, бахтсиз ходисалардан суғурта қилиш бўйича тўловлар деярли 4 мартага ошди ва 524,0 млн. сўмни, чет элга чиқувчиларни суғурта қилиш бўйича суғурта тўловлари 10 мартага ошди ва 577,2 млн. сўмни ташкил этди.

Бундан ташқари қайта суғурталаш шартномалари бўйича суғурта қопламалари миқдори 2,0 млрд. сўмга тенг.

Суғурта қопламаларининг аксарияти жисмоний шахсларга тўлаб берилган бўлиб, 3 473та мурожаат бўйича 12,9 млрд. сўмга яқин суғурта қопламалари амалга оширилган.

Жумладан, Республикамизнинг айрим ҳудудларида жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтган сел натижасида кўпгина хонадонлар зарар кўрди. Компаниямиз томонидан ушбу ҳудудларга чиқилиб аҳоли билан учрашувлар ташкил этилди ва талофат кўрган хонадонлар кўздан кечирилди. Компаниямиз томонидан суғурталанган Кашкадарё вилояти Чироқчи туманининг Уйшун қишлоғида жойлашган 64 хонадон зарарланганлиги учун 73,0 млн.сўмдан ортиқ суғурта қопламаси 2-3 кун муддатда тўлаб берилди.

Компания томонидан амалга оширилаётган, мижозларга сифатли хизмат кўрсатишга йўналтирилган чора-тадбирлар натижасида суғурта даъволарини кўриб чиқиш муддатлари сезиларли даражада қисқарди ва бугунги кунга келиб 2 кундан 15 кунгачани ташкил этмоқда, даъволарни кўриб чиқишнинг ўртача муддати 8-9 кунни ташкил этмоқда.

2018 йилнинг 1-ярим йиллигида амалга оширилган йирик тўловлардан қуйидагиларни келтириш мумкин:

-    ИБФЖМСҚ бўйича иш вақтида жарохатланганлиги сабабли Тошкент шаҳрида жойлашган қўшма корхона ишчисига 317,3 млн. сўм, республикамизнинг йирик саноат ишлаб чиқариш корхонаси ишчисининг вафот этганлиги сабабли қарамоғидаги шахсларига битта холат бўйича – 577,2 млн. сўмдан ортиқ, спорт мактабларининг биридаги ўлим холати  бўйича – 445,2 млн. сўмга яқин, корхоналарнинг бирида касб касаллигига чалинганлиги сабабли 19 ходимларнинг  хар бирига 100 млн. сўмдан ортиқ, айрим холларда эса 200 млн. сўмдан ортиқ суғурта қопламалари амалга оширилди;

-    юридик шахсларнинг мол-мулкини суғурта қилиш бўйича  Наманган вилоятида жойлашган гилам дуконида содир бўлган ёнғин натижасида гиламлар зарарланганлиги туфайли 400,0 млн. сўмга яқин суғурта қопламаси амалга оширилди;

-    транспорт воситаларини суғурта қилиш бўйича жисмоний шахсга тегишли бўлган ва йўл-транспорт ҳодисаси ҳамда ёнғин натижасида зарарланган «Мерседес Бенц» русумли транспорт воситаси зарарланганлиги учун 76,0 млн. сўмдан ортиқ суғурта қопламаси амалга оширилган. Бундан ташқари, Тошкент вилоятида жойлашган корхонага тегишли ИСУЗУ автомашинаси учун 63,0 млн. сўмдан ортиқ, Фарғона вилоятида жойлашган корхонага тегишли ИСУЗУ автомашинаси зарарланганлиги учун 29,0 млн. сўмга яқин суғурта қопламаси амалга оширилган;

-    ипотека суғуртаси бўйича суғурталанган Тошкент шаҳрида жойлашган хонадон ёнғин натижасида зарарланганлиги учун 70 млн. сўмга яқин, Жиззах шаҳрида жойлашган хонадон зил-зила натижасида зарарланганлиги учун 17,0 млн. сўмга яқин, Қашқадарё вилоятида жойлашган 6та хонадон кучли шамол натижасида зарарланганлиги учун хар бир хонадонга 5 млн. сўмдан 25 млн. сўмгача суғурта қопламалари амалга оширилди;

-    хавфли объектларни эксплуатация қилувчи ташкилотларнинг учинчи шахс олдидаги жавобгарлигини суғурта қилиш бўйича Наманган вилоятида жойлашган газ қуйиш шахобчасида юзага келган ёнғин натижасида зарарланган ВАЗ русумли транспорт воситаси учун 10,0 млн. сўмга яқин суғурта қопламаси тўлаб берилди;

-    чет элга чиқувчи шахсларни суғурта қилиш бўйича Чехияга борган хамюртимиз инсульт ташхиси билан касалхонага мурожаат этганлиги сабабли 22,0 минг АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги касалхона харажатлари Чехия касалхонасига тўлаб берилди. Иккита врач назорати остида махсус шароитда Чехиядан Ўзбекистонга қайтиши бўйича амалга оширилган 30,0 млн. сўмдан ортиқ  харажатларни қоплаб бериш масаласи кўрилмоқда. 

 Шубхасиз, суғурта даъволари сонининг ошиши аҳолининг суғуртага ишончи ортаётгани  ҳамда Компаниямиз томонидан таклиф этилаётган суғурта махсулотларини мижоз учун қулайлигидан далолат беради.

Компания изчил ривожланиб, катта мавқе ва бой тажрибага эга, фаолияти серқирра,  том маънода мижозлари ишончини қозонган ташкилот мақомига эришишга харакат қилмоқда. Асосий кўрсаткичлар бўйича миллий суғурта бозорининг олдинги қаторларидан муҳим ўрин эгаллади.

«SAIPRO»  ахборот-рейтинг агентлиги 2017 йил якунларига кўра «KAFOLAT sug`urta kompaniyasi» AJ нинг «uzA++» (энг юқори молиявий кўрсаткич) рейтингини тасдиқлади.

Fitch ratings Халқаро рейтинг агентлиги  компаниянинг халқаро молиявий рейтингини «барқарор» истиқболи билан В+ даражасида тасдиқлади.

Рейтингларнинг тасдиқланиши  компания учун янги маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб этиш, халқаро молия институтлари билан истиқболли ҳамкорлик алоқалари кўламини янада кенгайтиришга имкон яратади.

 Компаниямизнинг бош мақсади - мижозлар олдидаги мажбуриятларни тўлиқ ва сифатли бажариш ва бу орқали ижтимоий йўналтирилган Ўзбекистон иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшишдан иборат.


Манба: Ахборот  хизмати 

 

 

Биз билан боғланиш -->